Янги Фуқаролик кодексида исломий молия ва савдо-сотиқ қоидаларини ҳисобга олиш таклиф қилинди



 
  Расм манбаси : Ed Times

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлари доктори, профессор Омонбой Оқюлов ҳозирда ишлаб чиқилаётган янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексида мусулмонча молия тизими механизмлари ҳамда олди-сотди қоидалари ва анъаналарини эътиборга олишни таклиф этмоқда. Бу ҳақда профессор “Фейсбук” тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Унинг фикрича, Кодекс лойиҳасининг 37-бобида таваккалчилик бурчи тенг тақсимланадиган қарз ва кредит шартномаларига бағишланган нормаларга ўрин берилиши лозим. “Бутун дунё бўйича ислом банкларида кредит шартномалари “қарз берувчи ҳам фойдага, ҳам зарарга шерикдир” деган тамойил асосида тузилади. Ислом динига эътиқод қилувчи кишилар учун судхўрлик оғир гуноҳдир. Бинобарин, улар эътиқодига тўғри келадиган шартнома конструкциялари Фуқаролик кодексида ўз ифодасини топиши лозим”, деб ёзади О.Оқюлов.

Шунингдек, у олди-сотди шартномасининг умумий қоидаларида мусулмон ҳуқуқида мавжуд бўлган товарнинг камчилигини айтиб сотиш ва унинг оқибатлари, лафздан қайтиш оқибатлари, улгуржи ва чакана олди-сотдида сотувчи томонидан қўйиладиган устамалар даражасини чеклаш каби жиҳатлар ҳам назарда тутилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, янги Фуқаролик кодекси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги Р-54-64 фармойиши билан тасдиқланган  Ўзбекистон Республикасида фуқаролик қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия томонидан ишлаб чиқилмоқда. Тошкент Давлат Юридик университети профессори О.Оқюлов Комиссия аъзоларидан биридир.

Адлия вазирлиги бошлиқ бўлган ушбу Идоралараро комиссияга Кодексдан турлича талқинларга йўл қўювчи нормаларни олиб ташлаш ёки яхшилаш, ҳаволаларни қисқартириш, жамиятнинг одоб-ахлоқ меъёрларини ҳисобга олган ҳолда фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг янги тартибларини жорий этиш, мажбурий ҳуқуқ, шартномалар институтларини такомиллаштириш сингари вазифалар юклатилган.

Фармойишга кўра Кодекс лойиҳаси жорий йилнинг 1 апрелига қадар Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак эди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатимизда исломий молиялаш тизимини жорий этишга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Аҳолининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлгани боис, бу бизнесни кредитлаш ва фуқароларнинг ортиқча маблағларини жалб қилишда катта ёрдам бериши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, исломий банк-кредит тизимини жорий этиш учун ҳуқуқий замин ҳали етарлича шаклланмаган.

Аммо Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов бир неча ой аввал, Олий Мажлис йиғилишларидан бирида Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида ислом банкларини очиш учун тўғридан-тўғри чекловлар мавжуд эмаслигини айтган ва жорий йилда учта банкда исломий молиялаш тизимига ўтилишини маълум қилган эди.

2020-05-24 06:25:36  |  2911 |   0  | 

1 изоҳлар

Май 26, 2020  15:39

1.Абдувохид Якубов

Хар сафар алдашади: исломий банк тизимига утишади эмиш. Качон? Неча йилдан бери шу курук гап?



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация